ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистонда тожик ёзувчиси Садриддин Айний уй-музейи реставрация қилинади, деб хабар бермоқда Sputnik Тожикистон Ўзбекистондаги тожиклар ҳамжамияти фаоли Амина Шарофиддиновага асосланиб.
"Ўзбекистон ҳукумати таниқли тожик ёзувчиси Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейини реставрация қилишга қарор қилди. Мамлакат ҳукумати уни таъмирлаш ва реставрация қилиш учун 300 миллион сўм маблағ ажратди", — дейилади хабарда.
Шарофиддинованинг сўзларига кўра, уй-музей Айний таваллудининг 140 йиллиги арафасида тўлиқ реставрациядан чиқарилади.
Уй-музей эски шаҳар марказида, Регистон майдони яқинида жойлашган. Ёзувчи бу уйга 1917 йилда келиб жойлашган ва деярли 35 йил шу уйда истиқомат қилган.