ТОШКЕНТ, 1 фев – Sputnik. Ўзбекистонда порахўрлик ва таъмагирлик борасида ички ишлар ва банклар етакчилик қилмоқда, деб хабар берди nuz.uz "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотларига таяниб.
Айтилишича, 12та ҳудудий назорат ва бошқарув органлари ичида коррупция, порахўрлик ва таъмагирлик ҳолатлари қайд этилиши борасида сўровда иштирок этганларнинг 25,7 ва 21,4 фоизи мос равишда юқоридаги икки муассасани кўрсатган.
Сўровда қатнашганларнинг фикрича, кейинги ўринларда судлар (19,6%) ва прокуратура органлари туради (19,5%).
Респондентларнинг 13%и солиқ органларида, 11,5%и божхона органларида таъмагирлик тез-тез учрашини билдирган.
Сўровда қатнашганларнинг 5,7 фоизи шаҳар ва туман ҳокимиятларида, 5,1 фоизи лицензиялаш ва сертификатлаштириш билан шуғулланувчи органларда, 3,8 фоизи маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатида, 2,4 фоизи экологик назорат хизматларида порахўрлик ҳолатлари мавжудлигини кўрсатган.
Шу билан бирга, сўровда иштирок этган тадбиркор ва фермерларнинг 22,4 фоизи шаҳар ҳокимиятлари хизматлари томонидан коррупция ҳолатига дуч келмаганини билдирган, 43,2 фоизи эса буни кам учрайдиган ҳолат деб баҳолаган.
"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг билдиришича, сўровда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 1100 нафар тадбиркор қатнашган. Қатнашчиларнинг 80,1%и эркаклар, 19,9%ини аёллар ташкил этади.
Дилшодбек Асқаров таржимаси.