ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. Рустам Расуловчи Иноятов – Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 1944 йилнинг 22 июнида туғилган. Отаси Расул Иноятов КГБ полковниги бўлган.
Рустам Иноятов 1965 – 1967 йилларда Тошкент қурилиш трестида ишлаган ва бир вақтнинг ўзида ТошДУнинг эрон филологияси факультетида ўқиган.
1968 йилда ҳарбий хизматга чақирилган. Ҳарбий хизмат даврида СССР КГБтизимига қабул қилинган. Дастлаб қўмитанинг республикадаги бўлимларида ишлаган. Кейинчалик ташқи разведка билан шуғулланадиган – Биринчи бўлимга ишга ўтган. Рустам Иноятов 4 тилни билади – ўзбек, форс, рус ва инглиз тиллари.
1976 - 1981 йилларда Афғонистонда доимий резидент сифатида ишлаган.
1995 йилда КГБ ўрнида янги ташкил қилинган Ўзбекистон МХХ раҳбари лавозимига тайинланган. 23 йил давомида ушбу ташкилотни бошқариб келган.
2017 йилнинг кузида Иноятов оғир касал деган хабарлар тарқалган эди, лекин кейинчалик улар тасдиқланмади.