ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Қозоғистонда соқоллар кўринишини ва юзни ёпиб турувчи ниқоблар турини белгиловчи янги қонун қабул қилиниши мумкин. Бу ҳақида Қозоғистон Диний ишлар вазири хабар берди.
Хабарда айтилишига кўра, фақат айрим турдаги, айнан бузғунчи диний оқимларга хос соқол турлари таъқиқланади. Янги қонунда соқолларнинг умумий кўриниши ҳам белгилаб қўйилиши мумкин. Шу билан бирга соқол эгасининг хулқ атвори ва нималар ҳақида гапираётганига ҳам эътибор берилади, — дейди Қозоғистон Диний ишлар вазири Нурлан Ермекбаев.
Янги қонунда шунингдек юзни тўсиб турувчи ҳар қандай ниқоблар ҳам таъқиқланиши мумкин. Булар ниқоб, паранжи, рўмол, балаклава ва бошқа инсоннинг айнан юз қисмини тўсиб турувчи нарсалар.
Вазир алоҳида таъкидлаб айтишига кўра, фуқаролар эркинликни ҳеч ким чекламоқчи эмас. Қозоғистонда диний эркинлик аввалгидек сақланиб қолади. Соқол қўйиб юриш, ҳижобда юриш мумкин бўлади.