ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. 28 январь куни "Ўзбекистон" меҳмонхонасида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси спортчиларни шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан бу ерга Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари йиғилди.
Ўзбекистон футболчилари 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ва 2011 йил Эронда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев Осиё чемпионатида улкан ғалабага эришган ёш футболчиларга ўзининг самимий табригини йўллаб, уларнинг қўлга киритган натижасига қуйидагича таъриф берди:
"Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади.
Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади".
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.
Шу куннинг ўзида чемпионларимизга Президентимиз совғаси — автомобиллари топширилди.