ТОШКЕНТ, 28 янв – Sputnik.Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига бўлиб ўтаётган ташрифи давомида сок ишлаб чиқарувчи корхонага ташриф буюрди.
Президент Яккабоғ туманида жойлашган “Дармон фарм” хусусий корхонасига қарашли "Дармон шарбати" мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси фаолияти билан танишди.
"Дармон шарбати" 2017 йил август ойида ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда корхонада кунига 12 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Асосан олма, ошқовоқ ва сабзи шарбати тайёрланиб, ички бозорга чиқарилмоқда. Мева-сабзавотларнинг табиий хусусиятлари сақлаб қолинган тайёр маҳсулот 1,5 ва 3 литрли махсус идишларда сотувга чиқарилмоқда.
Шавкат Мирзиёев вилоятда бу каби корхоналарни кўпроқ ташкил этиш, тадбиркорларга экспортни ўргатиш лозимлигини таъкидлади.
Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.
"Дармон шарбати" мева-сабзавотни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш ва болалар таомлари ишлаб чиқариш, “Шарофат опа Қаҳрамон қизи” агрофирмаси томонидан музлаткич омборхонаси қуриш лойиҳалари ҳам тақдим этилди.
Президентимиз экспортни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
"Тадбиркорларни экспортга ўргатиш, бунинг учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш, экспорт муҳитини яратиш зарур", — деди тадбир давомида президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига сафари чоғида вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, уларни экспорт қилиш ҳажмларини янада кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди.