ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурида "Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.
Қонунда шахсий ва оилавий сир дахлсизлигига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, "Электрон ҳукумат" тизими ривожланиши муносабати билан жисмоний шахсларга оид маълумотлар билан ишлаш жараёнида улар ошкор қилинишининг олдини олиш чоралари ва бошқа қоидалар назарда тутилади.
Қонуннинг пировад мақсади фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини, шахсий дахлсизлиги, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, хусусий ва оилавий сири, номга бўлган ҳуқуқи, тасвирга бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилади.
Мазкур қонун лойиҳаси Давлат дастури бўйича 2018 йил 1 декабрга қадар Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари вазирлиги, ИИВ, Бош прокуратура, МХХ, Олий суд, Конституциявий суд, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.
Бу борада Германия, Франция, Буюк Британия, Россия тажрибалари ўрганилади.