ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Челебини қабул қилди, деб хабар қилди агентлик матбуот-хизмати.
Учрашувда шу йилнинг апрел ойида Тошкентда ўзаро ҳамкорликдаги ўзбек ва турк фильмлари фестивалини ташкил этиш таклифи илгари сурилди, дейилади хабарда.
Шунингдек, фестивал доирасида икки мамлакат кино ижодкорларининг тажриба алмашиш учун ижодий учрашувларини ўтказиш, "Зиёрат туризми" йўналишида ҳамкорликдаги янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳақида ҳам фикрлар билдирилган.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимига эса ўзбек томошабинлари орасида таниқли бўлган турк киноси ва эстрадаси вакилларини таклиф этиш кўзда тутилмоқда.