ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистон Футбол федерацияси раиси Умид Аҳмаджонов федерация раислигидан кетиши мумкин.
Бу ҳақида федерация раисининг ўзи “Халқ сўзи” нашрига берган интервьюсида хабар қилди.
Аҳмаджонов айтишига қараганда у бир вақтнинг ўзида икки лавозимда ишлаб тургани вақтинчалик чора бўлган, яқинда ЎФФга янги раҳбар тайинланиши мумкин.
“Икки ташкилотга раҳбарлик қилишим бу вақтинчалик бўлиб, жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади ва унда ташкилотга янги раҳбар сайланиши кутилмоқда. Демакки, футбол федерациясида раҳбарлик ваколатимни топшираман. Аммо бу футболдан бутунлай кетаман дегани эмас. Чунки ўзбек футболида бошлаб қўйган бир қатор янги лойиҳа ва режаларимиз бор, уларни ниҳоясига етмазмай туриб ортга чекиниш адолатдан бўлмайди”, — деган эди Аҳмаджонов.