ТОШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содиқ бўлган фожеага оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш сабаб бўлган, деди Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаев, Sputnik Казахстан хабарига асосан.
“Ёнғин сабаби бўйича асосий хулоса — оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш. Фожеа жойида оловли кавшарлагич (паяльная лампа) топилган. У бензинда ишлайди. Сўров ва текширув натижасида автобус ичида 5 литрли бензин солинган идиш бўлганлиги аниқланди”, — деди Тургумбаев.
“Ушбу хулоса тирик қолган йўловчилардан олинган маълумотларга асосланган. Автобус двигатели ўчиб қолгани туфайли машина салони совиб қолган. Йўловчилар исиниш учун оловли кавшарлагичдан фойдаланишган. Кавшарлагич 2 соатдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Табиийки, бундай ҳолда газ-бензинли қоришма ҳиди билан бутун салон тўлган. Тасодифан тўкиб юборилган бензиндан ёнғин чиққан ва у бир зумда, беш дақиқа ичида автобус ичида бўлган барча фуқароларнинг ҳаётини олиб кетган”, — деди вазир ўринбосари.
Шу билан бир вақтда, Тургумбаев фожеага ЙТҲ ёки жиноят сабаб бўлиши мумкинлигини мутлақ истисно қилди.
“Фожеа жойи кўздан кечирилганда у ердан бирорта ҳам совуқ ёки ўқотар қурол топилгани йўқ. Ҳеч қандай портловчи моддалар ёки уларнинг қолдиқлари ҳам йўқ. Бундай уйдирмалар мутлақ истисно қилинади”, — деди Тургумбаев.
Айни дамда фожеа жойини кўздан кечириш якунланган, қурбонлар Ўзбекистонга юборилди. У ерда уларнинг таналари генетик экспертиза қилиниб, қариндошларига топширилади
Эслатиб ўтамиз, 18 январда Ақтўбеда вилоятидаги “Самара — Шымкент” автойўлинг 1068 км автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари қурбон бўлган эди.