ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Қозоғистонда ҳалокатга учраган автобус йўловчиларининг барчаси — Ўзбекистон фуқаролари, деб хабар бермоқда Спутник Қозоғистон нашри.
Нашр сал олдин Қозоғистон ИИВ фавқулодда вазиятлар бўйича вакли Руслан Иманкуловдан олинган хабар асосида Қозоғистоннинг Ақтобе вилоятида автобус ёниб кетгани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Ҳодиса 18 январ соат 10:30 да Ақтобе вилоятининг Иргиз туманида "Самара — Шымкент" йўлининг 1068 километрида, Калыбай посёлкасидан 10км масофада юз берган.
"Автобус салонида 55 йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган. Уларнинг фуқаролиги аниқланмоқда. Ёнғиндан қутулиб қолган 5 нафар йўловчига Қозоғистон ФВВсининг тиббий-қутқарув бўлими томонидан ёрдам кўрсатилмоқда. Қолган 52 киши фожеа жойида қурбон бўлган", — дейилган Иманкулов хабарида.
Ақтобе вилояти Фавқулодда ҳодисалар департаментида тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, руҳшунослар хизмати "қайноқ линиялар" фаолияти ташкиллаштирилган. "Қайноқ линиялар" телефон рақамлари: +7 7132 56-29-62, +7 7132 56-68-85.
Айни вақтда ҳодиса жойида полиция, қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари, руҳшунослар бўлинмалари иш олиб боришмоқда.