ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Фарғона вилоят ички ишлар бошқармаси қошида ташкил этилган кутубхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, вилоят ИИБ бошлиғи Раҳматжон Маматов, вилоят прокурори Садриддин Турдиев, ИИБ шахсий таркиби ва фахрийлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори билан барча доирадаги орган ва ташкилотлар олдига китобхонлик маданиятини шакллантириш, китоб бўлган қизқиқишлари оширишга оид долзарб вазифалар юкланди.
"Китоб ўқимасдан, китоб ўқиш кўникмасини шакллантирмасдан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда", — дейди вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Р.Маматов.
Вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси ҳамда Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан шахсий таркиб ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш борасида "Мен китоб ўқишни севаман" шиори остида акция ва кўрик-танлов ўтказилиши белгиланди.
Бу албатта, барча шахсий таркибнинг иш фаолиятида кутубхонадан унумли фойдаланиши, касб маҳорати, маънавий-маърифий, сиёсий-ижтимоий ва ҳуқуқий билимини оширишга ҳамда халқ билан олиб бораётган очиқ мулоқот ва тарғибот-ташвиқот ишларида ўз самарасини беради.
Шунингдек, тадбир доирасида "Фарғона китоб олами" маърифий мажмуаси томонидан китоб ярмаркаси ташкил этилди.