ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки ўзининг иккита тижорат банки устав капиталидаги улушини Молия вазирлигига беради,деб хабар берди Sputnik мухбири.
Акциядорлик тижорат Халқ банки ва "Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки устав капиталидаги Марказий банк улуши Молия вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.
Бундан ташқари, Марказий банк ходимларини тижорат банклари, хўжалик бошқарув органлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кузатув кенгашлари таркибига киритилиши тақиқланди.
Бугунги кунда Марказий банк Халқ банкининг 49% акциясига эгалик қилади, қолган 51%и эса Молия вазирлигига тегишли.
Халқ банки Ўзбекистон банк тизимидаги энг йирик бўғинлардан бири. Унинг асосий вазифалардан бири фуқароларни ўз вақтида пенсия билан таъминлашдир.
"Микрокредитбанк" эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер ва деҳқон хўжаликларига кредит ажратиш билан шуғулланади.