ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган "Тафсилот-пресс" газетаси бош муҳаррири ўринбосари Н. Ашуров Фарғонадаги тиббиёт муассасалари ва боғчаларда захира режасида кўрсатилган ҳажмда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари яратилмагани ҳолатини газетада ёритмаслик учун 1минг 500 доллар АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган, деб хабар қилмоқда Ўбекистон миллий ахборот агентлиги.
Ашуровни қўлга олиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси, Фарғона шаҳар ва Фарғона туман бўлими ходимлари, Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона тумани бўлими ходимлари жалб қилинган.
2017 йил 19 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Н.Ашуров Фарғона шаҳридаги "Дўстлик" меҳмонхонаси ёнида 800 АҚШ долларини олган вақтда ушланган.
Айни кунларда мазкур ҳолат юзасидан "Тафсилот-Пресс" газетаси бош муҳаррири ўринбосари Н.Ашуровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми "а" банди бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.