ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқлари таъминланиши кутиляпти, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури лойиҳаси 15 январга қадар умумхалқ муҳокамасига тақдим этилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу дастурга асосан, фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқлари таъминланиши кутиляпти.
Хусусан, лойиҳада вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилади.
Меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлиги бекор қилинади. Шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилади.
Бундан ташқари, мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизими соддалаштирилади, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш шартномаларини тузиш талаби бекор қилинади.
Паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловлар бартараф қилинади.
Ушбу ҳужжатга масъул идоралар — Адлия, Ички ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда Бош прокуратура белгиланди.
Ушбу хабарга Facebookдаги "Халқ билан мулоқот/Диалог с народом" гуруҳида айрим муштарийлар қуйидаги изоҳлар ёзишган:
"Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон ҳудудида яшаш ва меҳнат килиш ҳуқуқига эга-деб ёзилган Конституцияда, нимага ўшанда Тошкент шаҳридан ташқари деб ёзилмаган", — деб ёзган Hazrat Rashidov.
Мухаммадризо Ривожиддинов эса "Енгиллаштирилса яхшида барибир", деган фикрни қолдирган.
"Агар шу муаммо ҳал этилса, зўр иш бўларди, ахир Тошкент бошқа давлатмаску, очиб қўйилса, чунки кейин одамларда қизиқиши қолмайди, ҳамма вилоятликлар ҳам Тошкентга келишни хоҳламайди, келганлари барибир юрибдику ишлаб пропискасиз ҳам", — деган Kaxramon Azizov.
Тўлқин Юлдашев эса прописка борлиги давлатни иқтисоди оқсашидан далолат, дея фикр билдирган.
"Ҳамма Тошкентга келиб олиши — урбанизацияни кўпайиши бу ёмон, барча вилоятларда яшаш ҳаёт тарзини юқори қилиб, иш жойлар ташкил этиб, муносиб ойлик маошларни ошириш керак, аммо яна бу ишлар иқтисодга бориб тақалади, иқтисод эса оқсоқламоқда", — деган у.