ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор Uzcard тизими орқали Unionpay International халқаро тўлов карталарида товар ва хизматлар учун пул тўлаш имконияти пайдо бўлди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Мазкур хизмат Ягона умумреспублика процессинг маркази ва "Қишлоқ қурилиш банк" ҳамкорлигида йўлга қўйилди.
Эндиликда савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган "Қишлоқ қурилиш банк" терминалларида бир вақтнинг ўзида Uzcard ва Unionpay International халқаро тўлов тизими карточкаларини қабул қилиш имконияти пайдо бўлди. Бунинг учун банк терминалларига махсус дастурни юклаб олинса кифоя.
Бугунги кунда сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган вилоятлар, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларида жойлаштирилган терминалларни ушбу хизматга улаш ишлари бошлаб юборилди.
Бу хизматнинг жорий этилиши хорижлик меҳмонларга қўшимча қулайликлар яратади. Келгусида "Қишлоқ қурилиш банк" фақатгина Unionpay International тизими билан чегараланиб қолмасдан, бошқа халқаро тўлов тизимларини ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, China UnionPay 2002 йилда Хитой миллий тўлов тизими сифатида яратилган. Ҳозирда Unionpay карталари дунёнинг 156 мамлакатида қабул қилинади.
МДҲ давлатларида UnionPay карталари Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжонда тўлов учун қабул қилинади.