ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Ўзбекистон президентининг 28 декабрдаги фармойиши билан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» йилида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасини тайёрлаш бўйича Йиғма ишчи гуруҳ ташкил этилди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси 5 босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири эълон қилинган йил номига биноан ҳар йили алоҳида Давлат дастури тасдиқланишини кўзда тутади.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси раҳбарлигида ташкил этилган гуруҳ таркибига вазирликлар, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Олий Мажлис, Президент девони вакиллари ва бошқалар киради.
Йиғма ишчи гуруҳга келгуси йил учун давлат дастури лойиҳасини 2018 йил 5 январгача тайёрлаш топширилди.
15 январгача бўлган даврда лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун, шу жумладан Интернетда жойлаштирилади.