2017 йилнинг энг сўнгги учрашувларидан бирини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев киноижодкорлар билан ўтказди. Бунинг ҳам рамзий маъноси бўлса керак. Демак, келаётган йилда кинога жиддий эътибор қаратилади. Демак, кино маънавиятнинг узвий бир бўлаги бўлиб қолаверади. Демак, давлат кино соҳасини ўз ҳолига ташлаб қўймайди.
Шу ўринда соҳа юзасидан айрим фикр-мулоҳазалар.
Бугунги фильмларда тасвирий ечим анчайин оқсамоқда.
Дейлик, ҳар қандай фильмда, тарихий ва, ҳатто, ўзбекларнинг аллақандай уран конига ўхшаш жойда, тутқунликда ишлатилиши тўғрисидаги фильмда ҳам қаҳрамонлар ҳозиргина "Гўзаллик салони"дан чиққан, сочлари чиройли олинган ва йилтиллаб туради. Умуман тозалик, олифталик ўзбек киносининг бош камчилиги. Ўзбек актрисалари экранда хунук кўринишдан қўрқиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзига оро бериб, чиройли бўлиб чиқишга ҳаракат қилади. Бироқ ташқи кўриниш, вазиятга мос бўлиши керак эмасми?
Реквизитлар масаласида ҳам муаммолар кўп. Лавҳалардаги ҳолатни очиб бериши мумкин ва лозим бўлган деталларга кам эътибор қаратилади, имкон қадар майда деталларга эътибор берилмайди. Тушунарли, реквизит қанча кам бўлса, хато ҳам унча камаяди. Лекин бу ҳолат тасвирнинг қашшоқлашувига олиб келади.
Шу ҳолатни айтадиган бўлсанг, "кино бу — эртак", дейишади. Аслида Ҳиндистоннинг киноси — эртак (ҳолбуки улар ҳам бундан воз кечишмоқда). Кино эса — романтика. Бойлик, дабдабали ҳаёт эмас, кўнгил ва туйғулар романтикаси!
Юқорида айтилган ҳолат кўпроқ хусусий кинога тегишли, давлат киносида эса бошқа муаммолар. Уларнинг томошабини йўқ. "Ўзбеккино" МА фақат телевидение учун ишлаяпти. Унда намойиш этилмаса, ҳеч ким кўрмайди.
Давлат киноси ё томошабин тушуниб етмайдиган даражада чуқур фалсафийлашган (Гегел даражасида, дейиш ҳам мумкин) ёки энсани қотирар даражадаги расмий (ҳужжатли фильм даражасида).
Комедиясида самимийлик бор, кулги йўқ ("Борига барака"), драмасида фалсафа, самимийлик бор, томошабинни ушлаб турувчи асосий воқеа йўқ ("Пари"), айрим режиссёрларда ўз-ўзини такрорлаш кучайган ("Новда").
Актёр олдига аниқ вазифа ва талаб қўйиб, таваккал қиладиган режиссёр йўқ, чамаси.
Бундан юз йиллар бурун кино ҳақида "санъатлар ичида энг муҳими", деб айтилган гап бугун ҳам долзарблигича қолмоқда.
Ўтган йилда "Киночилар уйи" бузилди, шу билан бирга уларнинг онгидаги эски қолиплар, қарашлар, фикрлар ҳам бузилдимикин?
Кўрамиз! Ё киночилар ёки вақт кўрсатади.