ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Саид Шаҳабуддин Темурий ва Тошкентда бўлиб турган Афғонистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Самир Жавадни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВнинг матбуот хизмати хабар қилди.
Суҳбат чоғида ниҳоясига етаётган 2017 йилда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг якунлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, учрашувда 2018 йилда Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигининг баъзи йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 4-6 декабрдаги республикага расмий ташрифи ва унинг самарали натижалари икки томонлама ҳамкорликда янги саҳифа очди ва унга кўп қиррали ва унумли тус берди.
Жумладан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 та ҳужжат имзоланди.
Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон — Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф — Шибирғон — Маймана — Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. Шунингдек, икки давлат ўртасида умумий қиймати 500 млн доллар бўлган 40 га яқин тижорат шартномалари имзоланди.