ТОШКЕНТ, 29 дек – Sputnik. "Росатом" корпорацияси бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши қандай имкониятлар бериши ҳақида айтиб ўтди.
"Албатта, атом соҳасида ҳамкорлик қилиш бу мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги мустаҳкам ишонч белгисидир. Менинг фикримча, мазкур лойиҳа Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Биринчидан, бу энергетика мажмуасининг диверсификация қилинишидир. Бу эса энергетик хавфсизлик учун янги имконият ва даражалар яратилиши демакдир", деди у.
Лихачевнинг айтишича, ушбу объект қурилиши даврида 6 минггача киши иш билан таъминланади ва станция ишга тушганидан сўнг 2 мингга яқин киши юқори ҳақ тўланувчи иш жойига эга бўлади.
"Мамлакатда бундай замонавий объектнинг бунёд этилиши Ўзбекистоннинг, ўзбек илмий доираларининг минтақадаги обрўсини оширади. Қуввати 2,5 ГВтни ташкил этувчи ушбу энергия объекти қурилиши мамлакатнинг ички энергия таъминотидаги муаммоларни ҳал этибгина қолмай, хорижга ҳам электрни экспорт қилиш имкониятини беради. Биз мазкур электр станциясини нафақат Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий ва инвестициявий муносабатлар натижаси, балки Ўзбекистон иқтисодиётини юксалтирувчи омил ҳам деб баҳолаймиз", — деди "Росатом" раҳбари.