ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik, Лев Рыжков. Мунажжим Павел Глоба келаётган 2018 йил жуда яхши, уруш ва инқилобларсиз ўтади, деб ҳисоблайди. Шунингдек, даҳшатли табиий офатлар ҳам бўлмас экан.
Кўрга ҳассадек
Павел Глоба — мен илгари фақат телевизорда кўрган инсон ҳаётда жуда чўрткесар ва қатъий одам экан. У яна Comedy Club резиденти Гарик Мартиросянга жудаям ўхшаб кетаркан.
Мунажжимнинг матбуот анжумани Москвада, Журналистлар марказий уйида бўлиб ўтди. Залда одам жудаям оз эди.
Танга эмас, патнис ташласангиз ерга тушадиган даражада оз эди.
Павел Глоба диққатини бир жойга жамлаган ҳолда эди. У олдига бир уюм китоб қўйди. Мунажжим даҳшатли башоратларни айтиш чоғидаги тантанали-хўмрайган қиёфада эди. Троянинг ҳалокати ҳақида айтаётганда Кассандранинг кўриниши ҳам худди шунақа бўлган бўлса керак. Тўғри-да, бунақа пайтда кулинмайди.
Афсуски, мен тантанали вазиятга тўлиқ эътиборимни қарата олмадим. Керак бўлмаган вақтда комик Мартиросянни эслаганим учун саҳнада айнан уни тасаввур қила бошладим. Comedy бошловчиси худди ана шундай қиёфада пианино чалишга ўтирарди.
Павел Глобанинг биринчи қилган иши йиғилганларга Украинада 2014 йилда уруш бошланиши ва унинг бўлиниб кетиши ҳақидаги башорати чоп этилган "Эхо планеты" журналининг 2009 йилдаги сонини кўрсатиш бўлди.
Матбуот анжуманидан кейин ҳамкасбларимдан бири унга шубҳа билан савол берди: "Буни айнан сиз башорат қилганмисиз?"
Мана шу ерда Павел Глоба артистлик бобида Мартиросяндан ҳам ўтиб тушди. У журналнинг қайсидир саҳифасини очиб, қайсидир матнга бармоғини ниқтади ва хитоб қилди: "Мана! Кўрга ҳассадек қилиб ёзиб қўйилган! Ўқинг!"
Бу жудаям ажойиб чиқди. Мен бўлсам ҳозирги блокбастерлар даврида эски совет актёрлик мактабининг ютуқлари ҳали ҳам ўлмаганидан хурсанд эдим. Бундай манзарани кўрганида Станиславский ҳам йиғлаб юборар ва "Ишондим" деган бўларди.
Урушларсиз, лекин кескинлик билан
Сўзининг бошидаёқ Павел Глоба башорат юлдузларни кузатиш асосида тузилмаганини билдирди. Юлдузларни кузатадиган мунажжим – бу шунчаки тасаввур холос. 2018 йил учун башорат ўнлаб йиллар давомида айнан Ит йилида содир бўлган ҳодисалар асосида тузилган.
"Агарда бу ҳодисаларни таҳлил қиладиган бўлсак, қизиқ қонуниятларга дуч келишимиз мумкин", — деди мунажжим.
Глобанинг фикрича, 2018 йилда шов-шувли суд жараёнларини кутиш мумкин. Жаҳон тарихидаги энг шов-шувли судлардан бири Ит йилида бўлиб ўтган. 1946 йилги Нюрнберг трибунали назарда тутилмоқда.
Мунажжим 2018 йилда 2020 йилга келиб даврлар ўзгаришига олиб келадиган қандайдир ижтимоий жараёнлар бошланишини кутмоқда. Қудратли давлатлардан бирида ҳокимият ўзгариши эҳтимоли ҳам бор.
Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижалари ҳақида ҳеч нарсани башорат қилмаган Глоба кўплаб журналистларнинг ҳафсаласини пир қилди.
"Башорат тузишим учун номзодларнинг соат нечада туғилганликларини аниқ билишим керак, — деди мунажжим. – Паспорт ва анкеталарда эса бундай маълумотлар ёзилмайди".
Глоба Ит йилида урушлар, инқилоблар ва тўнтаришлар кутилмаслигини айтди.
"Ҳеч қайси ит йилида бундай ҳодисалар содир бўлмаган, — ишонтирди у. — Ит йили – янги давр олдидан ўзига хос нафас ростлаш".
Якдил жамоа – улкан имкониятлар
Матбуот анжуманидан кейин Глобадан Sputnik ўқувчиларига тилакларини сўрадим.
"Ит йилида ягона жамоа бўлганларга осон бўлади, — деди Павел Глоба. — Жамоада бўлиш керак бўлган мураккаб давр келмоқда. Ким биландир бирга бўлиш, умумий манфаатларни ҳимоя қилиш керак. Ва албатта жамоанинг қўллаб-қувватлашига суяниш лозим бўлади. Сизни қўллаб-қувватлашганида истакларингизни амалга ошириш учун имконият пайдо бўлади".