ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси Ботир Парпиев президент Шавкат Мирзиёевга истеъфо сўраб ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда чет эл ОАВлари хабар тарқатмоқда.
Хабарларга кўра, генерал-лейтенант Ботир Парпиев истеъфо тўғрисидаги аризани икки ой аввал тақдим этган.
"Сўнгги вақтларда у оёғидаги оғриқлардан шикоят қиларди. Аммо президент унинг аризасини қабул қилмаган ва ҳозирча ишласин, деб айтган", — дейилади хабарда.
Давлат солиқ қўмитасининг раҳбари истеъфо беришга қарор қилгани тўғрисидаги хабар ушбу муассасада "ёппасига кадрлар тозалаши" бошланиши ҳақидаги янгиликлардан кейин пайдо бўлди.
Жорий йил 12 июл санасида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши давомида президент Мирзиёев солиқ қўмитаси ходимларини тадбиркорлар ишига асоссиз ва ноқонуний равишда аралашаётгани туфайли кескин танқид қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон раҳбари солиқчиларни яқин орада мамлакат солиқ тизимида жиддий ўзгаришлар рўй беришидан огоҳлантирган.
Парпиев ушбу муассасани 2004 йилдан буён бошқариб келмоқда.