ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. Келаётган 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинди, деди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.
"Ўзбеклар яқин қардошларимиз, қўшиларимиз, Марказий Осиёдаги улкан мамлакат, шу боис бу ўлка билан муносабатлар ҳамиша муҳим ва фойдалидир. Келгуси йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили бўлади", — деди Назарбоев қозоғистонлик журналистлар билан учрашувида.
Қозоғистон раҳбари икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик тобора яхшиланиб бораётганлигини, товар айирбошлаш бир йил ичида икки бараварга ошганини қайд этди, деб хабар беради Sputnik Қозоғистон.
"Биз Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев билан бу кўрсаткични 5 миллиард долларгача етказишга келишиб олдик. Ҳозирда ҳамкорликда автомобиль ишлаб чиқариш бўйича келишув мавжуд, Тошкент билан темир йўл ва авиақатнов йўлга қўйилган. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар яхшиланиб бормоқда. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз", — деди президент.
Илгарироқ Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўзаро телефон орқали мулоқот қилиб икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишганди.