ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Москванинг ғарбий қисмида юз берган авария оқибатида ҳалок бўлган кишилар сони 5 нафарга етди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Бугун кундузи жамоат транспорти "Славянский бульвар" метроси олдидаги ер ости йўлига кириб кетган.
Ҳодиса жойига бортида тиббиёт ходимлари бўлган уч вертолёт юборилган. Москва мэри Сергей Собянин ҳам ҳодиса жойига етиб борган.
"Беш киши ҳалок бўлган, 15 киши жароҳатланган. Яна уч киши касалхонага олиб кетилган", — дейилади хабарда.
Ҳайдовчи қўлга олинган ва тергов учун полиция бўлинмасига етказилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса теракт сифатида баҳоланмаяпти. Автобус бошқа бир машина туфайли ҳалокатга учраган ёки унинг тормозлари панд берган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳодиса жойига етиб келган Собянин ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, у "Мосгортранс"га тегишли барча автобусларни текширувдан ўтказиш ҳақида топшириқ берган.
Ҳодиса жойида полиция ва тиббиёт ходимлари ишлашмоқда, авария оқибатини бартараф этишда 50 дан зиёд одамлар ва 17 донадан зиёд техника иштирок этмоқда.