ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. 30 метрга югуриш ва узунликка сакраш бўйича ҳозирча 5та клубнинг ҳеч қайси футболчиси белгиланган нормативлардан ўта олмади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан миллий чемпионатда иштирок этувчи клуб футболчиларидан ўзбек футболи тарихида биринчи марта тест-синовлари олинмоқда. Шу кунга қадар ЎФФ томонидан тасдиқланган режа асосида "Олмалиқ", "Машъал", "Навбаҳор", "Қўқон-1912", "Цементчи" клублари футболчилари нормативларни топширишди.
Нормативлар 4та босқич: 30 метрга югуриш, турган жойидан узунликка сакраш, 7х50 метрга югуриш ва "Yo-Yo" тестдан иборат.
Хабарга кўра, 7х50 метрга югуриш синовидан "Олмалиқ"нинг 32 футболчисидан 2таси, "Машъал"нинг 25 футболчисидан 4таси, "Қўқон-1912"нинг 21 футболчисидан 1таси, "Навбаҳор"нинг 15 футболчисидан 3таси ўтган. "Цементчи"нинг 21 футболчисидан бирортаси ҳам синовни топшира олмаган.
"Yo-Yo" тестда ҳам аҳвол мақтангудек эмас. Бу борада энг юқори кўрсаткич "Навбаҳор"да бўлиб, 13 футболчидан 5таси синовдан ўтган. "Машъал"нинг 22 ва "Цементчи"нинг 21 футболчисидан фақат иккитадан футболчи нормативни топшира олган. "Қўқон-1912"нинг 17 футболчисидан 5 нафари синовдан ўта олган.
30 метрга югуриш ва узунликка сакраш бўйича ҳозирча 5та клубнинг ҳеч қайси футболчиси белгиланган нормативлардан ўта олмаган.
Нормативлар топшира олмаган футболчиларга миллий чемпионат бошлангунга қадар муҳлат берилади.
"Суперлига бошланишидан аввал клуб футболчиларидан яна бир бор нормативлар қабул қилинади. Синовлардан ўта олмаган футболчилар чемпионатда иштирок эта олмайдилар", дейилади хабарда.
ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг айтишича, бундай нормативлар бундан буёғига доимий равишда футболчилардан олинади. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳамиша назоратда бўлади.
"Тартиб-интизом ҳамиша биринчи ўринда бўлиши керак. Қаердаки, тартиб-интизом ўрнатилмас экан, ўша ерда натижалар ҳам салбийлашиб бораверади. Ўз устида ишламайдиган, тартиб-интизомга амал қилмайдиган футболчи ва мураббийлардан натижа кутиш ҳам мантиқан нотўғри. Бир сўз билан айтганда, тартиб-интизомга риоя қилмайдиганларга орамизда ўрин йўқ”, — деган у.