ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Telegram асосчиси Павел Дуров ўз криптовалютасини чиқаришни кўзда тутмоқда. Бу ҳақда илгари у билан бирга ҳамкорлик қилган ва кейинчалик судлашган Антон Розенберг "бозор иштирокчилари"дан эшитган гапларига таяниб Facebookдаги саҳифасида ёзди.
Унинг ёзишича, лойиҳа TON — Telegram Open Network деб номланган. Розенбергнинг фикрича, Дуров эҳтимол, Telegram криптовалюта тўлов тизими Эрон ва Ўзбекистонда кенг оммалашишига умид қилаётган кўринади.
"Telegramнинг асосий фойдаланувчилари Эрон ва Ўзбекистонда. Эронда санкциялар сабабли ҳеч қандай халқаро тўлов тизими ишламайди, Ўзбекистонда эса валюта ислоҳоти эндигина бошланди. Асосий савол шундаки, бу мамлакатлар ҳукумати Telegram уларнинг ички валюталари – реал ва сўмни ўзининг давлат назорат қила олмайдиган валютасига алмаштиришига қандай қарайди? Улар мессенжерни блоклашга қарор қилишмайдими", деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, Telegram фойдаланувчилари бўйича Ўзбекистон Эрон ва Малайзиядан кейин учинчи ўринда туради.
Дуров яқинда Bloomberg нашрига берган интервьюсида келгуси йили Telegramни монетизация қилиш нияти борлигини тасдиқлаганди.