ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабр куни ўтказган йиғилишда 2017 йил халқ билан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилгани, жойларда раҳбарларнинг йўл қўйган хато ва камчиликларини тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбари ҳали одамлар ўзгармаганини қўшимча қилди.
"Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданияти ўзгаргани йўқ. Раҳбарларимизни, ҳокимларниям маданияти йўқ. Очиғини айтаман, биз яқинда қонун устуворлигини (таъминлаш мақсадида) жазога тортдик учта районни ҳокимини — одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдингидек, кечирасиз, маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб, одамларни ҳақорат қилиш… Ким уларга ҳуқуқ берибди?!
Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга?!
Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат! Ўқимаганимиздан далолат! Маънавиятимиз пастлигидан далолат!" — деди Мирзиёев.
Президент йиғилишда қатнашаётган барча ҳокимлар, ички ишлар, миллий хавфсизлик, прокуратура ходимларига ҳамда ҳоказо "валломатларга" мурожаат қилиб, бундай одамлар эртанги кунда ишламаслигини билдириб қўйди.