ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош Ассамблеяси Қуддус бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлашига умид билдирмоқда, деб хабар қилди РИА Новости.
У шунингдек, халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб: "Ўз иродангизни сотманг", деб даъват қилган. Туркия раҳбари АҚШ ўзи кутаётган натижага эришолмаслигига ҳамда "дунё Қўшма Штатларга яхшигина сабоқ бериб қўйишига" умид билдирган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху сал олдин еврей давлати ушбу овоз бериш натижаларини тан олмаслигини маълум қилди. "Қуддус — бу бизнинг пойтахтимиз, биз у ерда қурилишларни давом эттирамиз ва Исроилдаги бошқа давлатлар пойтахтлари ҳам Қуддусга кўчирилади", деган у ҳамда БМТни "ёлғон уйи" деб атаган.
Бош Ассамблеяда ушбу ҳужжат бўйича овоз бериш жараёни бугун бўлиб ўтади.
Трамп ушбу резолюцияни қўллаб-қувватлаган давлатларга АҚШ молиявий ёрдам беришни тўхтатиши ҳақида баёнотлар қилишга улгурди.
Эслатиб ўтамиз, Америка президенти Дональд Трамп декабр ойи бошида Қуддусни Исроил пойтахти деб расман тан олгани ҳақида эълон қилган эди. Шундан сўнг у Исроилдаги АҚШ элчихонасини Тель-Авив шаҳридан Қуддусга кўчиришни буюрди. Америка етакчисининг ушбу қарори кўплаб давлатларнинг, биринчи навбатда, Яқин Шарқ ва Фаластиннинг кескин норозилигини келтириб чиқарди.
Бутун мусулмон дунёсида, шу жумладан Исроилнинг ўзида ҳам норозилик намойишлари бошланди ва бунинг оқибатида юзлаб одамлар жабрланди.