ТОШКЕНТ, 21 дек – Sputnik. Келгуси йилда аризачининг дипломатик идораларга шахсан боришини минималлаштириш мақсадида барча консуллик ёрдамлари электрон шаклга ўтказилади. 2019 йилдан эса чиқиш визалари бекор қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йилдаги фаолияти ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботда билдирилишича, Ўзбекистонда чет эллик сайёҳлар учун виза режимини либераллаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди. Польша ва Туркия фуқаролари учун виза олиш тартиби соддалаштирилди. Бундай имтиёзларни яна бошқа 25 мамлакат фуқароларига тақдим қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Япония, Корея Республикаси ва Сингапур фуқаролари учун визасиз режим жорий этиш ва электрон визалар тизимини йўлга қўйиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
Якка ва гуруҳ бўлиб келувчи сайёҳлар учун виза олиш талаблари осонлаштирилди, Ўзбекистонга "зиёрат туризми" дастурини амалга ошириш бўйича ишлар бошланди.
Ватандошларга консуллик ва бошқа хизматларни кўрсатиш учун янги хорижий ваколатхоналар очилмоқда.
Ҳисоботда кўрсатилишича, 15 декабр ҳолатига кўра, ТИВга фуқаролардан 6123 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5791 таси ўз вақтида бажарилган, 300 таси кўриб чиқилмоқда, 32 таси эса аноним ёки жавоб талаб қилмайди деб топилган.