ТОШКЕНТ, 21 дек – Sputnik. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи расмий сайтида халқ танлаб овоз бериши учун мактаб ўқувчиларига мўлжалланган 30 хил дизайндаги либос тақдим этилди.
Сайтда маълум қилинишича, мактаб либослари коллекциялари “Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошидаги Ёш дизайнерлар кенгаши томонидан ташкил этилган "Image" ёш дизайнерлар телевизион танлови финал босқичи иштирокчилари томонидан яратилган.
Сайтда овоз бериш учун қўйилган либосларнинг ҳар бири ўзига хос дизайнга эга бўлиб, улар орасида айримлари яққол кўпчилик овоз билан устунлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда келаси йилдан бошлаб умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун ягона либос жорий этилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Халқаро пресс клубнинг август ойидаги йиғилишида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов маълум қилганди. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ягона мактаб либосини жорий этиш таклифи билан чиққанди.