ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Алиментлар тўлашдан бўйин товлаш муддатлари қисқартирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 13 ялпи мажлисида айтиб ўтилди.
Сенаторлар "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун билан Ўзбекистон президентининг 2017 йил 27 июлдаги қарорига мувофиқ "Гаров тўғрисида"ги, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги ҳамда "Ипотека тўғрисида"ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.
Вояга етмаган болаларнинг, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз ва муҳтож ота-оналарнинг моддий таъминотига салбий таъсир кўрсатилишига ва қарздорнинг алимент мажбуриятлари бўйича тўлов қобилиятининг ёмонлашувига йўл қўймаслик мақсадида Жиноят кодексидан жарима тарзидаги санкция чиқариб ташланмоқда. Бундан ташқари, алиментлар тўланишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси шахс моддий зарарни қоплаган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги қоидалар билан тўлдирилмоқда.
Оила кодексига қўшилган нормага мувофиқ вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк тарзида ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.