ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари Қозоғистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш жиноятини содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахсни қўлга олишди.
19 декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чет эл давлатида қидирувда бўлган шахс Тошкент шаҳри ҳудудида юрганлиги ҳақида тезкор маълумот келиб тушди, деб хабар берди Тошкент ШИИББ матбуот хизмати.
Ушбу маълумот асосида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан қидирувдаги жиноятчини ушлашга қаратилган тезкор режа ишлаб чиқилди. Шундан сўнг, шу куни соат 9:00ларда Яккасарой тумани, Фарҳод кўчасида ўтказилган тадбир жараёнида ўзини Қозоғистон Республикаси фуқароси Байтасов Айдыну Танырберганович деб таништирган шахс ушланди.
У 1984 йилда туғилган бўлиб, Қозоғистон фуқароси, муқаддам бир неча бор судланган, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси, лақаби "Бебет" эканлиги аниқланди.
Ҳозирда уни Қозоғистон Республикасига экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.