ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистон Қаҳрамони, моҳир ҳунарманд, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Абдуғани Абдуллаев шу йил 18 декабрь куни вафот этди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
У улуғ аждодларимиздан авлодларга ўтиб келаётган халқ амалий санъатининг ноёб дурдоналарини юксак маҳорат билан яратиб, юртдошларимизнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий, Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбаралари ёдгорликларини қайта тиклашда, Тошкент шаҳридаги Хотира хиёбони мажмуаси, Қатағон қурбонлари музейи, Фарғона вилоятидаги Бурҳониддин Марғиноний мажмуасини бунёд этишда ноёб ёғоч ўймакорлиги ишларини бажариб, ўзининг юксак маҳоратини намоён этди.
Унинг ижодига мансуб наққошлик намуналари нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатлардаги нуфузли кўргазмаларда ҳам намойиш этилиб, юксак эътирофга сазовор бўлган.
Шунингдек, фаолияти давомида йўқолиб кетаётган ноёб нақш турларини тиклаш, янги услубларни амалиётга жорий этиш ишларида ҳам фидойилик намунасини кўрсатди.
Абдуғани Абдуллаевнинг миллий ҳунармандчилик санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон Республикаси халқ устаси, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари билан мукофотланган эди.
Моҳир ҳунарманд, миллий амалий санъатимизнинг жонкуяр фидойиси, камтар ва самимий инсон Абдуғани Абдуллаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, А.Арипов, А.Икрамов, А.Нуриддинов, Ш.Ғаниев.