ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёвга Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф давомида кўрсатилган эҳтиром ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Қирғизистон раҳбарининг миннатдорлик мактуби Ўзбекистон президенти расмий веб сайтида эълон қилинди.
Жээнбековнинг қайд этишича, мазкур ташриф мамлакатлар ўртасида янада мустаҳкамланган олий даражадаги ишончли мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
"Ўзаро англашув ва ишонч муҳитида ўтган музокаралардан ғоят мамнунман. Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик алоқалари, яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларига асосланган стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш бўйича эришилган келишувлардан жуда хурсандман", деб ёзади Жээнбеков.
Қирғизистон президенти йўловчи транспорти қатновини қайта тиклаш, транзит ташишларни таъминлаш ва транспорт йўлаклари очиш, шунингдек, экспорт-импорт алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши оддий фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратишига ишончи комиллигини таъкидлайди.
У Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегараларининг қолган қисмини делимитация қилиш ишлари ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаол суръатда давом этади, деган фикрни билдирган.
Қирғизистон раҳбари хусусан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг аҳил қўшничилик сиёсатига юқори баҳо берган.
"Сизнинг дипломатияда янги анъаналарга асос солаётганингиз, давлатлараро аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда ностандарт ва самарали ёндашувларни намоён қилаётганингиз таҳсинга сазовор. Сиз нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка ижобий суръат бағишладингиз.
Қирғизистон Сизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз бу ташаббусни амалга ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз", дейилади мактубда.
Жээнбеков мактубида ўртада дўстлик ва биродарлик муносабатлари қарор топганидан ғоят мамнунлигини билдиради.
"Сизнинг ташриф давомида бир неча бор янграган "дардингизни ўз дардимиз, ғалабангизни ўз ғалабамиз сифатида қабул қиламиз", деган сўзларингиз қирғиз халқига эзгу муносабатингиз ифодаси бўлиб, қалбимдан чуқур жой олди", дея ёзади Қирғизистон раҳбари.
Сооранбай Жээнбеков мактубини Ўзбекистон президентига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва тараққиёт тилаган ҳолда якунлаган.