ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан 2018 йил Қорақалпоғистонда 15 минг гектар ерларга пахта ўрнига қизил қалампир экилади.
Шу жумладан, президентга, экспортга чиқариладиган қизил қалампир бўйича истиқболли лойиҳани тақдим этишди, деб ёзади "Новости Узбекистана".
Мутахассисларнинг фикрича, қизил қалампир экилган бир гектар майдондан 15-20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Беш килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган қалампир олинади. Бу маҳсулотнинг бир тоннаси жаҳон бозорида тахминан 8640 долларга баҳоланади.
"Яқинда бир гуруҳ мутахассислар ва туман ҳокимлари билан Индонезияда командировкада бўлдик. Ўша ерда экспортга мўлжалланган маҳсулотларни етиштириш бўйича тажриба алмашдик. 2018 йилда фермер хўжаликларининг 1000 гектар дала майдонларида Индонезиядан келтириладиган қизил қалампирни етиштирамиз. Бунда кам ҳосил берадиган пахта майдонларидан фойдаланилади", — деб таъкидлаган Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмонов.
Қорақалпоғистонда қалампирнинг чет элдан келтириладиган навлари экилади. Уларнинг аччиқлик даражаси жаҳон стандартларига мос тушар ва улар яхши экспорт қилинар экан. Ўзбекистонлик фермерларга бу борада Индонезиялик мутахассислар ёрдам бериши кутилмоқда.