ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Рамзан Қодиров ўзининг Instagramдаги саҳифасида Шавкат Мирзиёевни табриклаб Ўзбекистон президентига ўзининг яхши ниятларини изҳор этди.
“Мен ислом дунёсининг буюк сиёсий арбоби, Шавкат Миромонович билан таниш эканимдан хурсандман. У киши ўз юртини гуллаб яшнаётган маконга айлантириш учун, бой тажриба, кучли ирода ва самимий иштиёққа эга. Шавкат Миромонович ўн уч йил ҳукуматни бошқарган, иқтисодни ва мамлакатнинг муаммоларин яхши тушунади ва уларни ҳал қилиш йўлини билади. Асосийси – Мирзиёев ўз халқини, Ватанини севади ва Ўзбекистоннинг олдинги шон-шуҳратини қайта тиклаш учун барча куч ва билимларини ишлатишга тайёр”, — деди Қодиров.
Чеченистон раҳбари айтишига қараганда, у Ўзбекистонга бўлган ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ёдгорликларини сақлаб қолишга бўлган саъй-ҳаракатларини чуқур ҳис қилган.
“Ўзбекистон халқининг руҳи барча соҳаларда кўтарилаётгани сезилиб турибди – иқтисодда, ижтимоий ҳаётда, спортда, адабиётда ва санъатда. Ишончим комилки, халқларимиз орасидаги муносабатлар кундан-кунга кенгайиб ва мустаҳкамланиб боради!”, — деб сўзига якун ясади Чеченистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Рамзан Қодиров Ўзбекистонга бир неча кунлик ташриф билан келган эди. Ўшанда Қодиров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашган, Тошкент, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилган, отаси Аҳмад Ҳожи қодиров таҳсил олган Мир Араб мадрасасида ҳам бўлган эди.