ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. 2018 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда 15 лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЕТТБ президенти банкнинг Лондондаги штаб-квартирасида Ўзбекистон вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
"Жаҳон" ААнинг хабар беришича, Чакрабарти томонлар жуда қисқа муддат ичида умумий қиймати 186 миллион доллардан ортиқ бўлган бир неча битимларни тайёрлашга ва имзолашга эришганлигини таъкидлади.
Банк раҳбари ЕТТБ Ўзбекистонга нафақат устувор лойиҳаларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш учун маблағ ажратиш йўли билан, балки иқтисодий ислоҳотларни самарали олиб боришда ҳамкорлик қилиш орқали ҳам кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.