ТОШКЕНТ, 13 дек – Sputnik. Осиё бокс конфедерациясининг The Best of the Asians—2017 лойиҳасида 69 килограмм вазн тоифасида иштирок этувчи ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов йилнинг энг яхши эркак боксчиси сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда ОБКнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш жараёнида овоз берганларнинг 57,2 фоизи Шаҳрам Ғиёсовни 1-ўринга муносиб деб топган. Ўзбекистонлик яна бир боксчи Ҳасанбой Дўсматов эса 32,8 фоиз овоз тўплаган. Қозоғистонлик Қайрат Ералиевга эса иштирокчиларнинг 6,1 фоизи овоз берган.
Шунингдек, Ўзбекистон бокс федерацияси 2017 йилнинг энг яхши миллий бокс федерацияси деб топилди. Ўзбекистон бокс федерациясига иштирокчиларнинг 91 фоизи овоз берган.
Яна бир қатор номинацияларда қатнашган Ўзбекистон вакиллари эса 2-3-ўринларни қўлга киритишган.