ТОШКЕНТ, 12 дек —Sputnik. Ўзбекистон Республика товар хом ашё биржаси онлайн аукционлар иштирокчилари учун “SMS хабар” янги хизмат турини ишлаб чиқди ва жорий этди.
"Мазкур хизматдан фойдаланган ҳолда автоҳаваскорлар ўзларини қизиқтираётган авторақамларнинг савдога қўйилиши бўйича маълумотларни тезкор тарзда олишлари ҳамда маълум лотга обуна бўлиб, унинг ҳолатини мунтазам равишда кузатиб боришлари мумкин", — дейилади ЎзРТХБ хабарида.
Бу орқали мижоз ўзини қизиқтираётган авторақам бўйича савдо вақтини ўтказиб юбормаслик ва сотиб олинган авторақамни тўловини амалга оширишнинг аниқ вақти ва уни рўйхатдан ўтказиш жойини билиб олиш имконини қўлга киритади. SMS хабарлар хизмат уланишда кўрсатилган телефонга келиб тушади.
Биржанинг янги хизматига уланиш учун avtoraqam.uzex.uz вебсайтининг мижозлар учун шахсий кабинетда "SMS" саҳифасига ўтиш ва офертани қабул қилишнинг ўзи кифоя. Хизмат учун ойлик абонент тўлови 10 минг сўмни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу йилнинг сентябридан чиройли автомобиль давлат рақамларини онлайн-аукционлар орқали сотиш йўлга қўйилди.