ТОШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг таниқли енгил атлетикачиларидан бири, баландликка сакраш бўйича спортчи Надия Дусанова халқаро "Олтин мангуст" орденига сазовор бўлди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Ўзбекистонлик спортчи жисмоний тарбия ва спортнинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу халқаро мукофот билан тақдирланди.
Надия Дусанова халқаро тоифадаги спорт устаси ҳисобланади. У ўтган йили енгил атлетика бўйича Ҳиндистонда бўлиб ўтган осиё чемпионати, Озарбайжондаги Ислом бирдамлик ўйинлари, Туркманистонда ёпиқ иншоотларда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида олтин медалларни қўлга киритган.
Ўтган йили бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов ва бокс мураббийи Равшан Хаджаев "Олтин Мангуст" халқаро мукофотига лойиқ топилганди.
"Олтин Мангуст" халқаро мукофоти энг яхши юксак натижаларга эришган спортчиларни шарафлаш, спорт ривожига ҳисса қўшган фахрийлар ва сиёсатчиларнинг меҳнатини эътироф эътироф этиш мақсадида "Мангуст" жамоатчилик ташкилоти томонидан таъсис этилган.
Ўтган йиллар давомида бу мукофот билан 80га яқин спортчилар, мураббийлар, спорт ривожига бефарқ бўлмаган сиёсатчилар, тадбиркорлар ва давлат арбоблари мукофотланган.