ТОШКЕНТ, 12 дек – Sputnik. Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ростов-Донда Ўзбекистон Республикаси бош консуллигини очиш тўғрисидаги фармойишни имзолади. Бу ҳақда Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Россия томонига мурожаатида Россиядаги кўплаб Ўзбекистон фуқаролари, хусусан, меҳнат мигрантларига консуллик хизматлари кўрсатиш ҳамда Россия вилоятлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида бош консулликни очишга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилган.
"Имзоланган фармойиш билан Ростов-Донда Ўзбекистон Республикаси бош консуллигини очиш ҳақида қарор қабул қилинди. Мазкур бош консулликнинг консуллик округига Жанубий ва Шимолий-Кавказ федерал округлари таркибидаги Федерация субъектлари киради", — дейилади ҳужжатга берилган изоҳда.
Илгарироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида янги консулхоналар очиш масаласи кўриб чиқилаётганлиги хабар қилинганди.