ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Алишер Навоий номли киносаройида болажонлар иштирокида "Қуёш юрти паҳлавони" номли, давомийлиги 1 соатдан ортиқ вақтни ташкил этувчи ўзбек анимацион фильми премьераси ўтказилди.
Ўзбек анимацион фильмлари тарихида тўлиқ метражли мультфильм шу вақтгача суратга олинмаган.
Сценарий муаллифи Исмоил Шомуродов мультфильмни томоша қилишга келган болажонларга картина бир нечта ўзбек халқ эртаклари мотивлари асосида яратилганини, унда акалари ортидан гўзал маликани ялмоғиз чангалидан озод этиш учун йўлга чиққан Нўхатполвоннинг ғаройиб саргузаштлари ҳақида сўз боришини ҳикоя қилди.
Мультфильмда ҳалоллик, меҳнатсеварлик, муҳтожларга ёрдам бериш сингари эзгу ғоялар акс эттирилган.
Мультфильм 12 декабрдан бошлаб республика кинотеатрларида намойиш этилади.