ТОШКЕНТ, 8 дек — Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Бугунги тарихий сана арафасида мен Президент сифатида ўзимнинг конституциявий ваколатимдан фойдаланиб, судлар томонидан ҳукм қилинган 2 минг 700 нафар шахсни авф этиш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Бундай Фармон Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинди", — деди тантанали тадбирда сўзлаган нутқи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.
Президент бу сафар мамлакатда ҳар йили қўлланиладиган амнистия актларидан нега воз кечилганини тушунтириб ўтди.
"Амнистиянинг асосий мазмуни шундан иборатки, у аввал жиноятлар тоифасини белгилаб беради, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланади. Албатта, амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам йўқ эмас", — деди Мирзиёев.
Президент шунингдек, бундай ҳолатлар озод этилган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, "бизга ҳамма нарса мумкин", деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келганини қўшимча қилди.
"Ана шу ҳолатларни инобатга олиб, махсус комиссия томонидан жазо ўтаётган ҳар бир шахс билан алоҳида суҳбат ўтказилди, у яшаган маҳалла аҳли, жабрланган одамларнинг фикри ўрганилди.
Бу жараёнда содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси, суд тайинлаган жазонинг қанчалик адолатли экани ҳам эътиборга олинди. Чуқур таҳлил ва ўрганишлар натижасида чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларнинг аниқ доираси белгиланди ва айнан шундай шахслар авф этилди", — деди президент.
Мирзиёев ўз нутқи давомида, 2700 нафар эмас, балки 10 минг нафар маҳкумни кечиришга тайёр бўлганини айтиб ўтди.
"Мен 10 мингтага ҳам тайёр эдим. Аммо аксариятининг дунёқараши ўзгармаган экан, қолаверса жамиятимиз ҳали бунга тайёр эмас. Бунинг учун жамиятимизда афв этилаётган маҳкумларни кафилликка олиш муҳити ва масъулияти тўла қарор топиши керак.
Ўйлайманки, Президент томонидан кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган юксак ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади", — ишонч билдирди Мирзиёев.