ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.
Фармонга асосан 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш ёки Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди.
Жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютани республикадан ташқарига олиб чиқиб кетиши эквивалентда 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган сумма доирасида ҳеч қандай рухсатномаларсиз амалга оширилиши белгилаб қўйилди.