ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Асакадаги автомобиль заводи ҳудудида Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Бу ҳақда завод матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, заводда доимий равишда фаолият юритадиган "Ислом Каримов ва Ўзбекистонда автомобиль саноатининг ривожи" кўргазма-музей иш бошлади.
“Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган соҳа — автомобилсозлик саноатига асос солиши ва уни ривожлантириш ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилгани истиқлол солномасидаги муҳим саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Асака автомобиль заводига асос солинишида унинг ўзи бевосита иштирок этди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Асака шаҳридаги автомобиль заводига Ислом Каримов номи берилди.