ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 5 декабрь куни Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Афғонистон Президенти Мустақиллик майдонининг ўзига хос манзараси, чуқур мазмун-моҳиятига юқори баҳо берди.
Шундан сўнг Ашраф Ғани Ҳазрати Имом мажумасига ташриф буюрди. Ташриф давомида олий мартабали меҳмонга мажмуа тарихи ҳақида маълумот берилди.
Афғонистон Президенти мажмуада сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан томоша қилди.
Ашраф Ғани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.



