ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳамкорлигида Алишер Навоий номидаги киносаройида "Корея анимацияси кунлари" очилди, деб хабар қилди "Ўзбеккино" миллий агентлиги.
Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Элчиси жаноб Квон Ён У иштирок этди ва нутқ сўзлади. Кинозални тўлдириб ўтирган болаларга мурожаат қилар экан, у нутқини тўлиқлигича ўзбек тилида баён қилди. Жаноб Квон Ён У бу йилги тадбирдан ўрин олган Пороро — кибер оралиқдаги саёҳат мультфилми ҳақида ҳикоя қилиб, фильмнинг болаларга манзур бўлишига умид билдирди.
Пороро — кибер оралиқдаги саёҳат" мультфилми — Кореяда энг машҳур бўлган Пороро номли мультсериалнинг кинотеатр учун ишланган 3-тўлиқ метражли анимацион фильми бўлиб, илк намойишнинг биринчи ҳафтасидаёқ 160 мингдан зиёд томошабинни йиға олган ва биринчиликни қўлга киритган картина ҳисобланади.
Ушбу фильм ўзбек болалари учун ўзбек тилига дубляж қилиниб, илк марта тақдим этилди.