ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Қозоғистон ва Қирғизистон орасида жойлашган "Ак-Тилек" чегара назорат пунктида юк автомобиллари ўтказиш тезлашди, деб хабар қилди Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Салкын Абдыкариева, Sputnik мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, чегарадан ўтиш сурати 2 декабрдан бошлаб тезлашган. Тонгга қадар чегарани 225та юк автомашинаси кесиб ўтган. Олдин Қозоғистон чегарасини бир соатда 7ғ8та автомобил кесиб ўтган бўлса, ҳозир 15-20та.
"Муаммолар бошланмасдан олдин чегарани бир соатда 30та юк автомобили кесиб ўтар эди. Ҳизир 20 та. Таласдаги "Чон-Капка" назорат пунктидан 70 та автомобил ўтмоқда", — деди Абдыкариева.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида муаммолар 10 октябрда бошланган эди. Ўша кундан бошлаб Қозоғистон томон чегарада автотранспорт воситаларини текширув ўтказишни кучайтирган эди. Натижада чегара назорат пунктларида улкан навбатлар пайдо бўлди. Қозоғистонда ушбу ҳодисага "яширинча импортга қарши кураш" деб баҳо беришган эди.
Яқинда икки мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари Толкунбек Абдыгулов ва Аскар Мамин орасида бўлиб ўтган музокараларда муаммони ҳал қилиш "йўл харитаси" ҳақида келишиб олинди.