ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг АҚШга тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиғини топширди, деб хабар берди "Жаҳон" АА.
Трамп Ўзбекистон томонидан кейинги йил давомида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар республиканинг аниқ ислоҳотларни жорий этишни мақсад қилганини тасдиқлашини билдирди. У болалар меҳнатига барҳам бериш ҳамда давлат бошқаруви тизимида шаффофлик таъминланишидаги олдинга силжишни олқишлади.
"Вашингтон минтақавий шериклик ҳамда Афғонистонни барқарорлаштириш йўлини қураётган кучли ва мустақил Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди", — деди у.
АҚШ раҳбари шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни яхшилашга хизмат қилган "аҳил қўшничилик сиёсатини" олқишлашини таъкидлади. У Қирғизистон билан чегараларнинг катта қисмини делимитация қилиш юзасидан расмий Тошкент томонидан кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини қайд этди.