ТОШКЕНТ, 1 дек – Sputnik. Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича фонд ташкил этилиши мумкин, деб хабар бермоқда Podrobno.uz. Хабарда айтилишича, уни ташкил этиш зарурияти "Ташқи меҳнат миграцияси ҳақида"ги қонун лойиҳасида кўрсатилган.
Ҳужжатга мувофиқ, фонд фаолияти асосан республика фуқароларининг хорижда ишга жойлашишларига кўмаклашиш ҳамда уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади.
Қонун лойиҳасида фонд томонидан кўп функцияли миграцион хизмат марказларини молиялаштириш ҳамда банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш эҳтимоли кўрсатиб ўтилган.
Илгарироқ Ўзбекистон президентининг фармони билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилганди.